Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилувчи, тавозеъ, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган. Ҳувайдонинг шеърларида тасаввуфий унсурлар — нафсни жиловлаш ва дунёдан ўзни узоқ тутиш бош ғоялардан бири. Дунё лаззатининг инсонни бахтли эта олмаслигига ишонган шоир Аллоҳга, абадий бахтга эришмоқ учун инсон ўзлигидан кечмоғи кераклигини англайди. Шоирнинг «Роҳати дил» ахлоқий манзумаси панднома турининг гўзал намунасидир. Унда очкўзлик, таъмагирлик, вафо, боқийлик, фонийлик, яхшиликнинг фойдаси, ёмонликнинг зарари, гўзаллик ва меҳнатсеварлик, моддий ва маънавий поклик каби хилма-хил ахлоқий мавзулардаги ибратли ҳикоялар келтирилган. Ҳувайдо диний-ахлоқий мазмундаги «Иброҳим Адҳам» номли шеърий достон ҳам битган. Ҳувайдо вафотига бағишлаб унинг шогирдлари, мухлислари томонидан марсиялар, таърихлар ёзилган. У ҳақда ибратомуз ривоятлар, ёдномалар пайдо бўлган. Шоирнинг отаси Ғойибназар Эшон шажараси дахмаси ҳозир ҳам зиёратгоҳ жойлардан ҳисобланади.
«Девони Ҳувайдо»нинг бир қанча қўлёзма нусхалари ва литографик нашрлари бўлиб, улардан чевараси Салоҳиддин Соқиб (1838—1910) ва Мирза Ҳаким ибн Мирза Умид Марғилонийлар кўчирган нусхаси Самарқанд Давлат Университети кутубхонасида сақланади (инв. №3903).
Ҳувайдонинг набираси Сирожий (1877 йил в. э.), чеваралари Самарбону (1837— 1891), Салоҳиддин Соқиб, Ғарибий девон тузган шоирлар бўлиб, Ҳувайдо анъаналарини давом эттирганлар. Ҳувайдо номида кўча, маҳалла ва мактаблар бор.